Камина узоқ йиллардан бери, бошқа журналистлар каби Ислом Каримовнинг шахсий ҳаёти ва фаолиятига катта қизиқиш билан қарайман. Боиси, унинг расмий таржимаи ҳолида, бошқа президентларнинг таржимаи ҳолидан фарқли равишда, кўп маълумотлар ёзилмаган. Шунинг учун бўлса керак, халқ орасида, сиёсатчилар ўртасида Ислом Каримов ҳақида турли миш-мишлар, ҳар хил гап-сўзлар юради.
Йиллар давомида бу мавзуда, турли тилларда кўп мақолалар, китоблар ёзилди ва ёзилмоқда. Бундан кейин ҳам кўп ёзилади, кўп гапирилади. Ахир 27 йил Ўзбекистондек мамлакатга раҳбарлик қилган инсон ҳақида ёзмай, гапирмай бўладими?!
Ҳозирча кўп маълумотлар яширилган. Халқ жуда кўп нарсадан бехабар. Вақтлар келади, худди Сталин, Брежнев каби Ислом Каримов ҳақида ҳам барча яширилган сирлар, беркитилган маълумотлар юзага чиқади. Ҳали кўп китоблар ёзилади, кўп олимлар бу мавзуда илмий ишлар қилади…
*****
Хуллас, Ислом Каримовнинг акаси Арслон Абдуғаниевич Каримовнинг кенжа ўғли Жамшид Каримов билан 6 соатлик суҳбатимиз давомида жуда кўп мавзуларда суҳбатлашдик.
Суҳбатимиз асосан, Ислом Каримов туғилган оила ҳақида, хусусан, унинг ота-онаси, опаси, ака-укалари ва уларнинг авлодлари ҳақида бўлди.
Қолаверса, Ислом Каримовнинг ўз оиласи, рафиқалари ва фарзандлари ҳақида ҳам атрофлича суҳбатлашдик.
Бир сўз билан айтганда, ўзбек халқи ҳали ҳеч қачон эшитмаган, билмаган ҳаққоний маълумотларни Жамшид Каримов биз билан ўртоқлашди.
Жамшид аканинг кўп гапларидан ҳайратга тушдим, ёқамни ушладим…
27 йил Ўзбекистонга раҳбарлик қилган инсоннинг ҳақиқий ҳаёт йўлига, унинг ўз оиласи ва яқинларига бўлган муносабатига қулоқ турар эканман, «водариғ, наҳотки», дея олдим, холос.
Ваҳоланки, ўтган йиллар давомида Ислом Каримов ҳақида, ҳам Ўзбекистонда расмий чоп этилган, ҳам хорижда нашр қилинган кўплаб китобларни, мақолаларни ўқиганман. У билан бирга ишлаган бир қатор сиёсатчилар, дипломатлар, депутатлар, таниқли журналистлар ва атоқли адиблар билан кўп суҳбатлашганман, интервьюлар олганман.
Лекин, ҳеч қачон Ислом Каримов оиласи, яқинлари билан суҳбатлашмаганман. Менда бундай имконият бўлмаган… Бироқ, Татьяна Акбаровнанинг Фарғонадаги айрим қариндошлари билан бир пайтлар озроқ гаплашганман… Ислом Каримовнинг ўзини икки марта яқиндан, бир марта узоқроқдан кўрганман…
*****
Жамшид Каримов билан аудиосуҳбатимизнинг 1-қисми яқин кунларда Ziyo Nur студиясининг Youtube каналида эфирга берилади.
Интервьюни матн шаклида ҳам чоп қилишни режалаганмиз.