26 июнь – ҚИЙНОҚ ҚУРБОНЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ ХАЛҚАРО КУНИГА БАҒИШЛАНГАН ТУРКУМ МАҚОЛАЛАР
Диктатор Ислом Каримов Ўзбекистонни бошқарган чорак асрдан ортиқ муддатда қийноқлар тизимли эканлигини тан олишга бирор бир давлат мансабдорининг бўйни ёр бермасди. БМТнинг йиғиними, ЕХҲТнинг навбатдаги анжуманими, ёки бошқа бир халқаро тадбирдами, ишқилиб, имкон пайдо бўлибдики Ўзбекистондаги қийноқлар ҳақида ҳуқуқ ҳимоячилари бонг урар, Ўзбекистон ҳукумати мансабдорлари эса мамлакатда қонунлар устиворлиги, қийноқларга қарши нафақат конституциясида, балким қонунларда ҳам алоҳида бандлар ёзилганлигини рўкач қилиб келардилар.
Ислом Каримовнинг вафотидан кейин мамлакатни бошқараётган Шавкат Мирзиёев нафақат Ўзбекистонда қийноқлар тизимли эканлигини тан олди, балким қийноқларга қарши курашни кучайтирди. Республика бош прокуратураси, Республика Олий суди раҳбарияти ҳамда жамоатчилик вакиллари, журналистлар ҳам қийноқларга алоқадор фикр, мулоҳазаларини очиқ ойдин баён қила бошладилар.
Лекин, айнан Шавкат Мирзиёев хукуматга келган пайтларида, аниқроғи 2016 йилнинг сентябрь ойида Хоразм вилояти Урганч туманидаги «Чоллишоликор» қишлоғида содир бўлган оммавий қатағон ҳақида, айни шу қишлоқ аҳолининг бир қанча оилаларига қарши қилинган босимлар, қўлланилган қийноқлар, ғайриинсоний қилмишлар ҳақида ҳар қанча мурожаатлар қилмайлик, баёнотлар бермайлик хали ҳамон бу оилалалар вакилларига қилинган босимларни тан олиш, уларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун жиддий қадам қўйилаётгани йўқ.
Хеч кимга сир эмаски, қонунга зид равишда ҳибсга олиниб, бир неча кунга маъмурий қамоқ жазосига тортилиб, мана шу муддат оралиғида ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбланиб, жиноят ишлари қўзғатилиб, узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилиш Ўзбекистон шароитида одатий ҳолга айланганди.
Ўзбекистонда бирор инсонни қотиллик, зўрлаш, ўғирлик, босқинчилик, ғайриқонуний диний-экстремистик ташкилотга аъзолик ва шу каби ўта оғир жиноятларда айбловни бўйнига қўйишдан аввал Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг (МЖтК) 183-моддаси (“Майда безорилик”) ва 194-моддаси (“Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) моддалари билан айблаб, ўн беш суткагача маъмурий қамоқ жазосини тайинлаш амалиёти кенг тарқалганди.
Бундай инсонларни ҳибсга олишда маълум бир куч ишлатар тизимлар фойдасига ишлайдиган “қулоқлар”, енгилтабиат аёллар, маҳалла “фаоллари” ва шунга ўхшаш жамиятнинг чиркин унсурлари хизматларидан кенг фойдаланиларди.
Маъмурий қамоққа олинганлар адвокат хизматидан маҳрум қилинардилар, яъни ташқи дунёдан бутунлай узиб қўйиладилар. Бу орада уларга нисбатан ваҳшиёна қийноқлар қўлланиларди ва натижада улар ўзлари содир этмаган жиноятларга иқрор бўлишга мажбур бўладирлар.
Бундай усуллар қамоқдан озод бўлган ва давлат назоратида турган собиқ маҳкумларга нисбатан ҳам кўп қўлланиларди. Чунки одатда бу собиқ маҳкумлар қайта жиноятлар содир этиш эҳтимоли катта бўлган шахслар тоифасига кирарди.
Бундай инсонлар очилмасдан келаётган ўта оғир жиноят ишларини ёпиш мақсадида содир этмаган жиноятларига иқрор қилинардилар ва ўта хавфли рецидивистлар сифатида узоқ муддатли қамоқ жазосига қайтадан ҳукм қилинардилар.
Бугунги биз жамоатчиликка тақдим қиладиган инсонлар тақдирида айнан ўша маъмурий қамоқ усулида қўлланилгани, бутун бошли “Чаллашоликор” аҳолиси кўзи ўнгида содир бўлган адолатсизлик, Ислом Каримов замонидан мерос қолган “Маъмурий ҳуқуқбузарлик” ишлари Ўзбекистонда сиёсий зўравонлик, қатағон ва қийноқларни давом этаётганини исботлайди.
Бунга мисол қилиб ҳимоямдаги Хоразм вилояти Урганч тумани “Чаккашоликор” қишлоғи, “Шоликорлар” маҳалласида яшаган ва бугунги кунда қамоқда сақланаётган умрбодлик 2 гуруҳ ногирони Масабуров Озат Бегжонович, Масабуров Матёқуб Солиевич, Рўзметов Ғайрат Комилович, Ўрозбоев Баходир Азадович, Жуманиязов Кўпал Ибрагимович, «Чаккашоликор» қишлоғида яшовчи Масабуров Хабибулла Солиевич, Масабуров Мустафо Озотович ҳамда бошқаларнинг мисолида кўриш мумкин.
Бу “Бир гуруҳ шахслар билан фаолияти таъқиқланган “жиҳодчилар” диний экстремистик оқими ғояларидан сабоқ олиб, Ислом динига зид амалларни бажаришга даъват қилиб, қонунга хилоф равишда таъқиқланган диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ғоялари йўғрилган жамоат тузишиб, унда бевосита раҳбарлик қилиб, тарғибот ташвиқот ишларини амалга «ошириб» келган», яъни «террористик гуруҳ етакчиси» сифатидаги жиноятларни содир этганликда айбланган Озат Масабуров ва унинг “жиноий шериклари” тақдири ғоят ачинарлидир.