Блогер Бакировнинг маҳаллий ҳокимликлар ва ҳукуматнинг «ёпиқ қарорлари» ҳақида ўсмоқчилаб берган саволига Тошкентнинг собиқ шиптир ҳокими «қусмоқчилаб» жавоб бериб ташади.
Ўзининг кўнгилни айнитувчи икки дақиқалик жавобида 8 марта «допуск» сўзини ишлатган Ортиқхўжаев блогерни «акаларча» таҳдид қилди.
Унинг сўзларига кўра, «ёпиқ қарор» га «допуск»и бўлмаган блогер бундай қарор қўлига тушиб қолса, бу ҳақда зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига хабар бериши керак экан.
“Эҳтиёт бўлинг, ука” деб атрофга ўғри кўзлари билан олазарак қараш қилди Ортиқхўжаев.
“Мутлақо махфий” қарорларни айтяптилар”, деб фикрини ифодалашга қийналаётган “любая бизнес хараша”га ёрдамга келди “Лолазор”нинг модератори Хушнудбек.
“Давлат сиримаску” деб яна ўсмоқчилади Бакиров.
“Тушунчаларни алмаштириш бордек” деб ғўдранди Муҳрим.
Аммо Ортиқхўжаевнинг оғзидан қусқидек чиқиб кета олмаётган “допуск” деган қўрқинчли сўз ўз ишини қилган эди.
Лолазорчиларнинг нафаси ичига тушиб кетди.
Биронтаси чиқиб “жамоатчилик манфаатичи?” деёлмади.
Инглизлар буни Public interest дейди. Дунёда аллақачон “жамоатчилик манфаати журналистикаси” деган журналистика шаклланиб бўлган. Бу тур журналистика одамлар учун долзарб бўлган масалаларни тадқиқ қилиш ва ҳисобот беришни тақозо этади.
Мисол учун, агар Арипов ўзининг акасига қарашли фирмага қайсидир дорини чет элдан импорт қилиш ҳақида ёпиқ қарор чиқариб бераётган бўлса ва ҳукуматдаги қайсидир манба, унинг шахсий мотивлари қандай бўлишидан қатъи назар, бу ҳақда блогер Бакиров ёки журналист Муҳримга маълумот етказган бўлса, улар бу дори ҳақида ҳали болалар ундан оммавий заҳарланмасдан туриб жамоатчиликка ошкор қилиши керак. Энди тасаввур қилинг – шартли Бакиров ёки шартли Муҳрим буни ДХХ ёки ИИВга айтди… Ҳукумат жамоатчилик нарёқда турсин, парламентга ҳам ҳисоб бермайдиган, куч тизимлари қонуний механизмлар билан жиловланмаган Ўзбекистон шароитида бунинг оқибатларини тасаввур қилиш қийин эмас.
Хўш, Ортиқхўжаев қанақа “мутлақо махфий” қарорлар ҳақида гапиряпти?
Арипов худди Сталин бир пайтлар СССРнинг атом бомбаси дастури ҳақида имзолаганидек, “Уран муаммоси” (“Урановая проблема”) ҳақида СС (“совершенно секретно”) грифи остида қарор имзоладию, биз бехабар қолдикми?
Тошкентдаги “Технопарк”ка ўзбек атом бомбаси устида ишлаш топширилдимики, у ҳақда маълумот олиш учун “СС” чи Ортиқхўжаев айтмоқчи “допуск” керак бўлса?..
Қолаверса, “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг қонуни бор ва бу қонуннинг 5-моддасида давлат сирларига дахлдор маълумотлар қандай шакллантирилиши ҳақида аниқ – тиниқ ёзиб қўйилган:
“Ахборотларни махфийлаштириш ва махфийликдан чиқариш ушбу Қонунга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган маълумотларнинг махфийлик даражасини аниқлаш ва белгилаш тартиби тўғрисидаги Низом ва Ўзбекистон Республикасида махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхатига мувофиқ амалга оширилади”.
Хўш, Ортиқхўжаев “допуск” талаб қилаётган маълумотларнинг махфийлик даражасини ким аниқлади?
Улар қачон махфий маълумотлар рўйхатига киритилиб улгурди?
Ва қачон бу рўйхатдан чиқарилади?
“Ахборот эркинлигининг кафолатлари тўғрисида” деган яна бир қонун бўлгич эди. Унга нима бўлди?
“Атом бу бомбаку, домлажон!” деган абитуриентнинг савиясидан ҳам савияси пастроқ Ортиқхўжаев сўз эркинлиги таъмини, гарчи аччиқ бўлса-да, татиб кўришга уринаётган ва ҳали миллий жамиятшуносликнинг тадқиқот объектига ҳам айланиб улгурмаган ўзбек жамиятининг тагига қандай бомба қўйяпти?
Бу бомба қачон портлайди?..