Сиз яқинда қўл қўйган қарорга кўра, Тошкентдан бошқа давлатларга транзит орқали кетаётган чет эл ватандошлари виза олмасдан беш суткагача қолиши мумкин.
Шунга ишониб, 4-августда америкалик 31 ёшли собиқ ватандошимиз, миллионер Бобур Ҳасан 50 миллион долларлик иккита лойиҳаси бўйича сўнгги нуқталарни қўйиш умидида ўзи туғилиб ўсган мамлакатга етиб келганди.
Ривожланган давлатларда бўлгани каби, йўлларда ҳайдовчилар ва йўлчилар дам оладиган икки мингта марказ қурилса, 12 минг киши иш билан таъминланган бўлур эди. Иккинчи лойиҳа эса автомобиль билан тирбанд Тошкент кўчаларида паркинг масаласини қулай ва ихчам кўринишда ҳал қилишга ёрдам берарди.
Бобурнинг қўлида Тошкентдан Остонага учиш билети ва меҳмонхонада қолиш учун уч кунга ҳақ тўлангани ҳақида тасдиқномалар бўлган. Америкада ишбилармонларга яратилган қулайликлар билан улғайган содда ишбилармон укамиз сизнинг фармон ва қарорларингиз ҳамма учун бир хилда тадбиқ қилинади деб ҳисоблаб, қаттиқ янглишди.
Бобур салкам бир йилдан бери Вашингтондаги элчихона орқали ўзбек расмийлари билан лойиҳаларини амалга оширишни муҳокама қилаётганди. Элчихона ходимлари билан виза масаласини гаплашса «Тошкентдан ҳали жавоб келмади» деган жавоб беришаверган.
Бобур Ҳасан Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида мамлакатга киритилмай, депортация қилинди. Чегарачилар унга оти мамлакатга киритилмайдиганлар рўйхатида эканлигини билдиришган. Натижада, учоққа миндириб, Москвага қайтариб жўнатворишган. Бир ватан шайдоси ва ишбилармон учун бундан ортиқ таҳқир бўлмайди.
Мен яқинда чоп қилинган «Чет элда яшаш: Америка» номли китобимда Америкада қисқа давр ичида миллионлаб долларлик бизнес индустрияси қуришга эришган Бобур Ҳасан ҳақида ҳикоя қилгандим. Бир неча соҳада иш тажрибасига эга Бобур Украина, Қозоғистон ва Туркияда ҳам анча-мунча кишини иш билан таъминлаган.
Айтганча, битта китобимга сиз учун дастхат қўйиб, Ўзбекистоннинг Анқара элчихонасига юборгандим. Сизга етказиб беришган, деб умид қиламан.
Ҳафсаласи пир бўлган Бобур Ҳасан Ўзбекистонда иш юритиш фикридан воз кечиб, лойиҳаларини Қозоғистонда амалга оширмоқчи. Энди ўзбекистонликларни эмас, балки минглаб бовурларимизни иш билан таъминламоқчи.
Жаноб президент!
Қарор ва фармонларингиз ижросини саботаж қилиб, сизни ва сиз орқали Ўзбекистонни обрўсизлантиришга уринаётганлар шундоққина ён-атрофингизда юришибди. Чет элдаги миллатдошларимиз мамлакатга ётирим олиб келишса, уларнинг «нони яримта бўлиб қолади». Буни ўзингиз ҳам билвосита тилга олаяпсиз.
Аслида, ватан хоини деб аталишга лойиқ бундай шахсларга халқ манфаати ҳақидаги гаплар бир пул. Улар аллақачон болаларига чет эллардан турар-жойлар олиб қўйишган. Келажакда Ўзбекистонда ўзларига нима бўлишига ишончлари комил эмас. Вақти-соати келганида, учоққа ўтириб, чет элга кетворишади.
Юқоридаги аянчли аҳволдан келиб чиқиб, тегишли чора-тадбирларни олишингизни, турли важлар билан Ўзбекистон ватандошлигидан мажбурий равишда чиқарилган шахслар фуқаролигини тиклашингизни, мамлакатга киритилиши мумкин бўлмаган шахслар рўйхатини кўриб чиқиб, оммавий ахборот воситаларида эълон қилдиришингизни сўрайман.